Ёзги мактаб янги таълим тизимига шўнғишнинг қулай усулидир.
15 август куни EMU университетининг бир гуруҳ талабалари, Кенжаева Нигора Давлатовна бошчилигида, Европанинг энг йирик университети – Литва соғлиқ билимлари Университетига ёзги амалиётни ўташ ва ўз билимларини ошириш учун икки ҳафталик унутилмас саёҳатга йўл олишди.
100 йиллик академик тажрибага эга бўлган Литва Соғлиқ Билимлари Университети (LSMU) Болтиқбўйи давлатларининг биотиббиёт фанлари соҳасидаги энг олди олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
EMU университетининг ички сиёсатига кўра, ўқув йили якунлари бўйича энг юқори академик кўрсаткичларга эга бўлган талабаларга саёҳат харажатлари тўлиқ EMU университети таъсисчилар фонди ҳисобидан қопланди. Шунингдек, ўқув йилининг якунларига кўра EMU университетининг энг яхши ўқитувчиси, Болтиқбўйи давлати бўйлаб унутилмас саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди ва саёҳат харажатлари ҳам EMU университети таъсисчилар фонди томонидан тўлиқ қопланади.
Ўқув жараёни доирасида талабалар Анатомия институти, Одонтология, Фармация ва Ветеринария факултетларига ташриф буюришди. Ёзги мактаб давомида университетнинг турли кафедраларига, шу жумладан, жарроҳлик, гинекология, травматология, офталмология ва бошқа кафедраларига ташрифлар режалаштирилган.
Шунингдек, талабалар сафарлари давомида мамлакатнинг энг йирик шифохоналарига ташриф буюришади ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш курсини ҳам ўзлаштирадилар.
Ўқиш жараёнидан ташқари, саёҳатнинг бир неча куни мамлакатнинг диққатга сазовор бўлган жойлари бўйлаб саёҳат қилиш учун ажратилган. Ушбу саёҳат натижасида талабалар Европа давлатларида тиббиёт йўналишида таълим тизими билан яқиндан танишадилар, дунёқарашларини кенгайтирадилар ва амалий тажрибага эга бўладилар.